Close
Skip to main content

УрДУ тузилмасидаги “Қатағон қурбонлари хотираси” музейининг

экспозиция бўлимлари

 

Экспозиция Кириш, 4 блок ва 8 бўлимдан иборат бўлиб, улар З та залда намойиш этилган.

1-БЛОК

1-бўлим. Мавзу: “Хива хонлигининг Россия империяси томонидан босиб олиниши, маҳаллий халқнинг эрк ва ҳуррият учун кураши (1868-1900)”.

Бўлим мазмуни: Россия империясининг Ўрта Осиёдаги хонликларни (1873 йил Хива хонлигини) босиб олиши тарихи. Россия империясининг Туркистондаги мустамлакачилик сиёсати ва унинг оқибатлари. Хива хонлигида  мустамлакачиликка қарши миллий озодлик курашлари. Қўзғолонларда қатнашган аҳолининг шафқатсизларча жазоланиши.

2-бўлим. Мавзу: “Хива хонлигида миллий уйғониш ҳаракати, унинг амалий йўналишлари ва намояндалари (1901-1917)”.

Бўлим мазмуни: Мустамлакачилик сиёсатига қарши миллий уйғониш ҳаракатининг бошланиши. Жадид маърифатпарварларининг янги усул мактабларини очиш, газета ва журналларни чиқариш, театрни ташкил этиш, янги адабиётни яратиш йўлидаги фаолияти.

 

2 – БЛОК

3-бўлим. Мавзу: “Хоразм Халқ Республикасининг тугатилиши ва вилоятда большевиклар ҳокимиятининг ўрнатилиши (1917-1929)”.

Бўлим мазмуни: 1917 йил Февраль инқилобининг рўй бериши. “Шўрои ислом”, “Миллий иттиҳод” ва ”Миллий истиқлол”, “Ёш хиваликлар” сингари ташкилот ва жамиятларнинг вужудга келиши. Хива хонлигининг тугатилиши. Хоразм Халқ Совет Республикаларининг тузилиши. Туркистонда  большевикларнинг ҳукумат тепасига келиши.

Совет давлатининг ғайримиллий сиёсати. Хоразмда большевиклар зулми ва ҳақсизликларга жавобан қаршилик ҳаракатининг бошланиши. Бу ҳаракатнинг тор-мор келтирилиши. “Қулоқлаштириш” ва жамоалаштириш кампанияларининг авж олиши. Қишлоқ районларида “қулоқ” қилинган оилаларнинг Шимолий Украина, Шимолий Кавказ, Сибир, Ўрта Осиё ва Қозоғистоннинг шароити оғир ҳудудларига кўчирилиши.

4-бўлим. Мавзу: “Совет давлати қатағон сиёсатининг бошланиши

 (1929-1936)”.                                                                                                     

Бўлим мазмуни: ГПУ органлари томонидан аҳолининг илғор қатламларини қатағон қилиниши.  Руҳонийлар ва диндорларнинг таъқиб қилиниши. “Эски” зиёлиларга қарши курашнинг авж олиши.

 

3- БЛОК

5-бўлим. Мавзу: “1937-1938 йиллардаги “Катта қирғин”

Бўлим мазмуни: Хоразм вилоятидаги давлат ва партия, фан ва маданият арбоблари, шунингдек, бошқа соҳа вакилларининг оммавий равишда қатағон қилиниб, уларга тегишли мол-мулкнинг давлат фойдасига мусодара этилиши. “Халқ душманлари” ҳисобланган кишилар оила аъзоларининг қамоққа олиниши, болаларининг эса республика ва республикадан ташқаридаги етимхоналарга юборилиши. Давлат аппаратлари, саноат корхоналари, ўқув муассасаларида “халқ душмани”, “жосус”, “аксилинқилобчи” унсурларни ахтариш васвасаси.

6-бўлим. Мавзу: “1940-1950 йиллардаги сиёсий қатағонлар”

Бўлим мазмуни: 1941-1945 йиллардаги уруш арафасида ва урушнинг дастлабки йилларида совет давлати сиёсатидан норози кишиларнинг душман фойдасига хизмат қилиши мумкинлиги учун уларни таъқиб ва қатағон қилиш. Урушдан кейинги йилларда миллатчилик ва космополитизимга қарши кураш каби кампанияларнинг бошланиши. Шоир, ёзувчи ва олимларнинг қатағон қилиниб, уларни энди 10 йиллик эмас, балки 25 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилиниши. 30-йиллар охирида узоқ Шарқдан корейс миллати вакилларининг, 40-йилларнинг бошларида Қрим ва Кавказдан қримтатар, ингуш, қорачой ва бошқа туркий халқларнинг, шунингдек, поляк ва немис миллатига мансуб аҳолининг Ўзбекистонга, хусусан вилоятларга кўчириб келтирилиши.

 

4–БЛОК

7-бўлим. Мавзу: “1980-йиллардаги қатағон. “Пахта иши” кампанияси”

Бўлим мазмуни: собиқ Марказ томонидан Ўзбекистонда олиб борилган адолатсиз сиёсат; республика иқтисодиётининг бир ёқлама ривожланиши натижасида унинг арзон хомашё маконига айланиб қолганлиги; пахта яккаҳокимлиги ва унинг аянчли оқибатлари;  иқтисодий- ижтимоий вазиятнинг  кескинлашуви, экологик ҳолатнинг оғирлашуви. Собиқ Марказдан катта ваколат билан юборилган, ўзларини “десантчилар” деб атаган партия ва ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларининг республикамизда содир этган қонунбузарлик фаолияти. “Пахта иши” деб ном олган сиёсий кампаниянинг амалга оширилиши, ўзбек халқига нисбатан уюштирилган туҳмат ва бўҳтонлар.

Хоразм вилояти бўйича бу кампанияларнинг нохақ қурбонлари: терговга тортилган кўплаб кишиларнинг “жиноий иши” бошқа республикаларда кўрилиши ҳамда уларнинг ўша ердаги қамоқ ва лагерларда азоб-уқубатларга дучор этилиши. Мазкур сиёсий кампаниянинг жар ёқасида турган СССРни сақлаб қолиш мақсадида амалга оширилгани.

1989 йилда совет давлати сиёсий найрангларнинг фош этилиши. “Пахта иши” бўйича ноҳақ жавобгарликка тортилиб, бошқа республикалардаги қамоқхоналарда сақланган кўплаб фуқароларимизнинг Ўзбекистонга келтирилиши ва улар “жиноий ишлари”нинг қайта кўрилиши; бегуноҳ қурбонларнинг оқланиши.

8-бўлим. Мавзу: “Мустақиллик йилларида тарихий адолатнинг тикланиши, қатағон қурбонлари хотирасининг абадийлаштирилиши, миллий қадриятларни асраб-авайлаш ва ривожлантириш йўлида амалга оширилган тарихий ишлар  (1991 йилдан кейинги давр)”.

Бўлим мазмуни:

Тарихий адолатни тиклаш масаласининг давлатимиз ижтимоий-сиёсий ва маданий сиёсатининг устувор йўналиши сифатида белгиланиши ва бу борада амалга оширилаётган улкан ишлар.

Ўтган асрнинг 30–80-йилларида мамлакатимизда амалга оширилган сиёсий қатағон қурбонларининг оқланиши ва улар хотирасининг абадийлаштирилиши.

Совет даврида бадном этилган давлат арбоблари ва саркардалар (Амир Темур, Жалолиддин Мангуберди, Абулғози Баҳодирхон, Муҳаммад Раҳимхон II – Феруз, Исломхўжа ва б.) ҳақида тарихий хақиқатни қарор топтиришга қаратилган амалий ишлар. Совет даврида номлари таъқиқланган, бадном этилган ислом дини ва фалсафасининг буюк намояндалари (Имом Бухорий, Имом Мотуридий, Бурхониддин Марғиноний, Бахоуддин Нақшбанд, Паҳлавон Маҳмуд, Аз-Замахшарий, Нажмиддин Кубро) хотирасининг тикланиши ва ардоқланиши. Хоразм вилояти бўйича бу борада қилинган ишлар. Наврўз, Рамазон ва Қурбон ҳайитларининг умумхалқ байрами сифатида қайта тикланиши; “Авесто” китобининг илмий тадқиқ қилиниши.

Совет даврида феодал адабиёти намунаси сифатида қораланган асарлар, “Алпомиш” эпоси)Хоразм достонлари, қаҳрамонлик туркумидаги қўлёзма нусхалар - Гўрўғли туркуми достонлари: Эдиго, Хурлиқо ва Ҳамро, Саётхон ва Ҳамро достонлари қўлёзма нусхалари, Ошиқ туркуми достонлари: Ошиқ Ғариб ва Шохсанам, Ошиқ Маҳмуд; Тоҳир ва Зуҳра достонларининг қўлёзма нусхалари, оғзаки бахши вариантлари, “Ҳафт шуаро” тўплами (Султоний, Шиносий, Ғозий, Асад, Муродий, Фаррух), ва шоир-адиблар (Ахмад Яссавий, Бурхониддин Рабғузий, Феруз, Юсуф Ҳазиний, Хувайдо ижодининг халққа қайтарилиши;

Совет даврида оёқости қилинган ва қаровсиз аҳволда қолиб келган диний-маърифий обидалар, табаррук зиёратгоҳлар (Шайх Мухтор Валий, Саййид Аловуддин, Юсуф Ҳамадоний, Тўгон Турк мақбараси, Юнусхон мақбараси, Уч авлиё мақбараси, Шайх Мавлон Бобо мажмуаси, Биби Ҳожар мақбараси, Шоҳимардон мажмуаси)нинг қайта тиклаб-таъмирланиши, эътиқод эркинлигини таъминлаш йўлидаги ишлар.

Мустақил Ўзбекистонда ёшларнинг баркамол авлод бўлиб етишишлари учун яратилаётган шарт-шароитлар, таълим, спорт, маданият, санъат соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар. Ёшларимизнинг турли соҳаларда эришаётган ютуқлари. Миллий армиямизнинг ташкил этилиши ва ҳарбий ислоҳотлар.

УрДУ тузилмасидаги

“Қатағон қурбонлари хотираси” музейи директори, тарих фанлари номзоди, доцент Ю.М. Раҳмонова