Close
  • Ishonch
    telefon raqami

  • Dars
    jadvali

  • Imtihon video
    kuzatuvi

  • Rektor virtual
    qabulxonasi

  • Bo`sh ish
    o`rinlari



Музейнинг янги нашри, Карвак хотира китоби.


Мазкур илмий-оммабоп китоб Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 8 октябрдаги «Қатағон қурбонларининг меросини янада чуқур ўрганиш ва улар хотирасини абадийлаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Ф-5598-сонли фармойишига асосан нашрга тайёрланди.
Китобда Хоразм вилояти Ҳазорасп туманидаги қатағон қурбонларининг ҳаёти ва фожиали тақдири ёритилган. Китобдаги маълумотлар карваклик қатағон қурбонлари авлодларининг хотираларига асосланган. Маълумотларни турли архив ҳужжатлари ва асарлар билан тўлдиришга ҳаракат қилдик. 
Ушбу китобни яратишда Ўзбекистон Миллий архиви, Хоразм вилояти давлат архиви, Урганч давлат университети тузилмасидаги Қатағон қурбонлари хотираси музейи архиви, Карвак қишлоғи аҳлининг шахсий архивлари, оғзаки тарих материаллари ва бошқа ҳужжатлардан фойдаланилди.2022 йил 31 август куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Шаҳидлар хотираси майдони ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Қатағон қурбонлари хотираси музейига кириб, кўргазма билан танишгач, ўз фикрларини баён этди: «Бу ерга ҳар гал келиб, эътибор беришимиз бежиз эмас. Мустақилликка эришиш осон бўлмаган. Истиқлолимизга 31 йил бўлгани билан, боболаримиз 100 йиллар олдин бунга ҳаракат қилган. 100 минг ватандошимиз қатағонга учраб, 13 минг нафари шафқатсиз отиб ташланган. Нима учун? Таҳлил бўлган. Улар энг катта қаҳрамонларимиз, миллатнинг хазинаси бўлган.  2-3 тадан тил билган. Ватанимизни озод қилиб, тараққиётга олиб чиқишини билишган. Бу ерда худди уларнинг овозлари эшитилгандек бўлади. Бутун дунёда бир парча қоғоз бўлсаям, қанча маблағ кетсаям, ўзбек миллатига мансуб ҳужжатларни топинглар деб топшириқ бергандим. Охирги йилларда яна қанча қатағон қурбонлари аниқланди. Адолат нуқтаи назаридан қаҳрамон боболаримизнинг номларини тиклаяпмиз. Ўтган бир йил ичида Ўзбекистон Олий суди томонидан 235 нафар ана шундай ватандошимиз оқланди. Жадид боболаримиз номида музейлар, мактаблар ташкил қиляпмиз. Тошкент марказида Абдулла Қодирий мактаби қуриб, ҳайкалини ўрнатдик. Нима учун? Одамлар ўтганда кўриши, «мен кимларнинг авлодиман» деб ўйлаши, асарларини билиши керак. Ёки Чўлпонни тиклаш қандай қийин бўлди? Бугун биз пастга тушинглар, халқнинг ичига боринглар деяпмиз, халқдан куч оляпмиз. Чўлпон ҳам шундай деган. Бундай хайрли ишларни тўхтатмаслик керак. Янги китоблар, фильмлар чиқариш зарур». 
Давлатимиз раҳбари ҳали бу тарих охиригача ўрганилмагани, қатағон қурбонларини аниқлаш ва хотирасини тиклаш бўйича изланишларни давом эттириш кераклигини таъкидлади. Шу боис ҳам мазкур китобни юртимизда амалга оширилаётган савобли ишларнинг давоми дейишимиз мумкин.
Ушбу китобга материал йиғиш мақсадида Карвак қишлоғида уйма-уй юриб, сўраб-суриштириб мустабид совет тузумининг қатағон йилларида Сибирга сургун қилинганлар, отилганлар, қамалганлар, унумсиз ерларга кўчириб юборилганлар аниқланди. Қатағон қурбонларининг фарзандлари, яқин қариндошлари билан бирма-бир гаплашиб чиқилди.
Карвак қатағондан энг кўп азият чеккан қишлоқ сифатида тарихда қолади. Қатағон йилларида карвакликлар: «Эй Худо илмли инсонларга, мулла билан эшонга қирон келди-ку», ‒ деб бежиз айтишмаган. Қишлоқ аҳлининг кўпчилиги жисмонан йўқ қилинган. ГУЛАГ тизимидаги муассасалар маҳбуслари даҳшатли азобларга бардош беролмай майиб-мажруҳ бўлиб қолганлар. Қатағон қилинганларнинг оила аъзолари, фарзандлари хўрланган, азобланган, уйлари бузиб ташланган ёки кўчириб юборилган.
Қатағон бўлган қишилар ҳаёти ҳақида сўраб-суриштирар эканмиз, бир-биридан аянчли тақдирларга дуч келамиз. Жабрдийдалар чеккан жабру жафоларини эшитиб, кўзингга уйқу келмайди. Изланишлар шуни кўрсатадики, уларнинг деярли барчаси беайб бўлган.
 Ўйлаймизки, у Сиз азиз ўқувчиларга маъқул бўлади ва китоб жавонингиздан ўрин олади.
Китоб Хоразм вилояти ҳокимлиги ҳомийлигида нашр қилинди. Ушбу эзгу ва савобли лойиҳани қўллаб-қувватлаган Хоразм вилояти ҳокимлигига миннатдорлик билдирамиз.   Машаққатли ва шарафли ушбу тарихни ёритишимизга яқиндан ёрдам берган ва қўллаб-қувватлаган инсонларни ушбу муборак Рамазон ойида хайр, савобларни зиёда этсин!

Ulashish: