Close
  • Ishonch
    telefon raqami

  • Dars
    jadvali

  • Imtihon video
    kuzatuvi

  • Rektor virtual
    qabulxonasi

  • Bo`sh ish
    o`rinlari



«Оқдарбанд» хотира китоби чоп этилди.


1938 йил 9 январда НКВДнинг “иранской операции” ҳақида директивасига кўра 13297 киши судга тортилади улардан 2046 нафари отув жазосига ҳукм қилинади.  Айрим хориж разведкалари СССРга қарши иш олиб боришда Эроннинг тарихий даврларда таъсири кучли бўлган ҳудудларидан шунингдек, Ўрта Осиё, Кавказ республикаларида қўним топган реэмигрантлар гуруҳларидан фойдаланилаётгани таъкидланиб, туркманлар, ўзбеклар, қозоқлар ва бошқалар ўртасидаги эмигрант доираларнинг маҳаллий алоқалари ваъж сифатида кўрсатилган.
            Хоразм округининг Оқдарбанд қишлоғида яшаган эронийлар ўтган бир асрдан ортиқ давр мобайнида маҳаллий аҳоли вакилларига айланганди. Лекин 1930 йилларнинг охирига келиб, жамоавий совет режими жавобгарлик механизмига кўра шубҳа остига тушганлар. Мустабид совет тузумининг қатағон машинаси оқдарбандликларга ҳам азоб-уқубатлар ёғдирди. Қишлоқ аҳли ўз миллий тили - форс тилида гаплашганлиги ва Эронга кўчиб кетишга ташвиқот қилганлик сабаблари билан айбланган.Хонадонлар тинтув қилиниб, форс, араб алифбосидаги китоблар, хат, ҳужжатлар тортиб олиниб, ўтга ёқилган. 
1938 йил қисқа муддатда қишлоқдан 22 киши қамоққа олинади. 1938 йил 21-22 сентябрь кунлари ЎзССР ИИХК ҳузурида ташкил этилган машъум “учлик” суди томонидан айбланувчиларнинг барчаси ЎзССР ЖКнинг 57-10 моддаси билан ҳеч бир далил исботсиз 10 йил қамоқ лагерларига ҳукм этилган. ЎзССР ИИХК Хоразм вилоят бошқармаси ходимлари бу билан чекланмасдан шу иш доирасида яна 72 кишига нисбатан қўшимча тергов белгилайди. Қўрқувга тушган қишлоқ аҳли юқори ташкилотларга тинимсиз хатлар йўллаб, мазкур ишга марказнинг эътиборини қаратишга эришадилар. Марказдан чақирилган тафтишчилар иштирокида қайта тергов ўтказилганда тергов ноқонуний олиб борилганлиги маълум бўлади. Натижада, иш тўхтатилиб, қамоққа олинган 72 кишидан 61 нафари озод этилади. 
Мана шу қисқа муддатдаги тергов жараёнида 8 нафар инсон ўлдирилиб юборилгани маълум бўлади. Қишлоқ аҳолисининг талаби билан 1939 йил 24 июлдан юқорида қайд этилган 22 кишининг иши ҳам қайта кўриб чиқилади. 1940 йил 14 июнь куни Хоразм область ИИХК бошқармаси томонидан 1938 йил 21-22 сентябр кунлари чиқарилган “учлик” суди қарори ноқонуний деб топилган. Бу вақтга келиб юқорида ноҳақ жазога ҳукм этилган 22 нафар кишидан 11 нафари ҳам азоб-уқубатлар, касалликларга чидамай вафот этганликлари маълум бўлади.
Мустақиллик даврига келиб тарихий адолатни тиклаш масаласи давлатимиз ижтимоий-сиёсий ва маданий сиёсатининг устувор йўналиши сифатида белгиланди ва бу борада улкан ишлар амалга оширилди. Ўтган асрнинг 30 – 80 йилларидаги қатағон қурбонлари оқланди ва улар хотирасини абадийлаштирилиш ишлари узлуксиз давом эттирилди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг 2020 йил 8 октябрдаги 5598-сонли “Қатағон қурбонларининг меросини  янада чуқур ўрганиш ва улар хотирасини абадийлаштиришга доир кўшимча чора тадбирлар тўғрисидаги”фармойиши  ушбу китобнинг яралишига асос бўлди.
Бугунги дунёда глобал хавф-хатарлар кучайиб бораётган ҳамда миллий ўзликни англаш ва ҳақиқий тарихимизни тиклаш ҳар қачонгидан ҳам муҳим аҳамият касб этаётган бугунги даврда мустабид совет тузуми томонидан шафқатсиз қатағон қилинган давлат ва жамоат арбоблари, илм-фан, маданият ва санъат, адабиёт намояндаларининг, оддий касб эгаси бўлган минглаб юртдошларимизнинг номлари ва хотираларини абадийлаштириш, уларнинг жасорати ва матонати мисолида ёш авлодимизни Ватанимиз ва халқимизга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялаш долзарб вазифа бўлиб қолмоқда .
     Бу борадаги тарихий маълумотларни холис ва ҳаққоний ўрганиш мамлакатимиз мустақиллиги қандай оғир ва машаққатли курашлар билан қўлга киритилганини, бугунги эркин, озод ва обод ҳаётимизни асраб-авайлаб, қадрлаб яшаш кераклигини янада чуқур англашга хизмат қилади.

Китобда  Хоразм воҳасининг Оқдарбанд қишлоғида яшаган эронийларнинг тарихи, қишлоқдан етишиб чиққан тараққийпарвар инсонлар, қатағон жабрдийдаларининг ҳаёти ва фожеали тақдири ёритилган.Шунингдек мустақиллик йилларида Қўшкўпир туманининг замонавий Оқдарбанд қишлоғидаги улкан ўзгаришлар таҳлил этилган. 
Ушбу китобни яратишда Ўзбекистон Миллий архиви, Хоразм вилояти Давлат архиви, Урганч Давлат университети тузилмасидаги Хоразм вилоятининг "Қатағон қурбонлари хотираси" музей архиви, Оқдарбанд аҳлининг шахсий архивлари, оғзаки тарих материаллари ва бошқа тегишли архивлар ҳужжатларидан фойдаланилди. Урганч Давлат университети тузилмасидаги Қатағон қурбонлари хотираси музейи директори, тарих фанлари номзоди, доцент Юлдуз Раҳмонова. Ушбу китобни яратишда Ўзбекистон Миллий архиви, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Қатағон қурбонлари хотираси музейи фонди, Хоразм вилояти Давлат архиви, Урганч Давлат университети тузилмасидаги Хоразм вилоятининг "Қатағон қурбонлари хотираси" музей архиви, Оқдарбанд аҳлининг шахсий архивлари, оғзаки тарих материаллари ва бошқа тегишли архивлар ҳужжатларидан фойдаланилди.

Ulashish: