Close

Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларининг бакалавриатига ўқишга қабул қилиш учун кириш тест синовларини ўтказиш тартиби тўғрисидаги
НИЗОМ
 
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларининг (кейинги ўринларда олий таълим муассасалари деб аталади) бакалавриатига ўқишга қабул қилиш учун кириш тест синовларини ўтказиш тартибини белгилайди.
2. Ушбу Низом ҳарбий таълим муассасаларига ва Ўзбекистонда фаолият олиб бораётган хорижий олий таълим муассасаларига (филиалларига) ўқишга қабул қилиш бўйича тест синовларини ўтказишга нисбатан татбиқ этилмайди.
3. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:
абитуриент — олий таълим муассасаларининг қабул комиссиясига ҳужжат топширган, Давлат тест марказининг рухсатномасига эга бўлган, тест синови қоидаларига қатъий амал қилган ҳолда белгиланган гуруҳда тест синовларида иштирок этувчи талабгор;
абитуриент рухсатномаси — паспорт (у бўлмаган ҳолда шахсни тасдиқловчи бошқа ҳужжат) билан биргаликда абитуриентнинг белгиланган сана ва вақтда тест синовларида иштирок этишга рухсат берадиган ҳужжат;
бино раҳбари — Давлат тест маркази директорининг буйруғи билан тайинланадиган, белгиланган вазифа ва мажбуриятлар бўйича бинодаги гуруҳ назоратчилари ва абитуриентлар ҳаракатларига умумий раҳбарликни бажарувчи, назорат қилувчи ва амалий ёрдам кўрсатувчи ходим;
гуруҳ назоратчиси — Давлат тест маркази билан тузилган шартнома асосида шартномада белгиланган вазифа ва мажбурият бўйича тест синовларида абитуриентлар ҳаракатига умумий раҳбарликни амалга ошириш, тест синовининг белгиланган тартиб бўйича ўтишини қатъий назорат қилишга масъул бўлган ва абитуриентларга тест синовини топшириш тартиби бўйича амалий ёрдам кўрсатиш учун жалб қилинган ва тест синовлари ўтказилиши билан боғлиқ семинарда иштирок этган шахс;
жавоблар варақаси — тест топшириқлари китобидаги ҳар бир топшириқнинг бажарилиши натижасида танлаган жавобнинг биттасини белгилашга мўлжалланган ва абитуриентнинг билимини баҳолаш учун асос ҳисобланадиган ягона ҳужжат;
олий таълим муассасасининг қабул комиссияси (кейинги ўринларда қабул комиссияси деб аталади) — олий таълим муассасаси ректори (филиал директори)нинг буйруғи билан тасдиқланадиган, белгиланган вазифалар бўйича таълим йўналишларига абитуриентлар ҳужжатларини қабул қилувчи, уларга тест синовлари жараёни бўйича маслаҳатлар, кўрсатмалар берувчи, тест синовларини ўтказишнинг ташкилий масалаларида иштирок этувчи орган;
тест топшириқлари китоби — белгиланган фанлар мажмуаси бўйича тест топшириқларини ўз ичига олган саволлар тўплами;
титул варақаси — абитуриент ҳақидаги маълумотларни ўз ичига олган, олий таълим муассасасининг қабул комиссияси томонидан тест синови натижалари қайд этиладиган ҳужжат;
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази вакили (кейинги ўринларда Давлат тест маркази вакили деб аталади) — Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази (кейинги ўринларда Давлат тест маркази деб аталади) директорининг буйруғи билан тайинланадиган, тест синовлари ўтказиладиган тегишли ҳудуд ва бинода белгиланган вазифа ва мажбуриятлар бўйича амалга ошириладиган тадбирларга умумий раҳбарлик қилувчи ҳамда тест синови иштирокчиларининг вазифаларига мувофиқ ҳаракатини назорат қилувчи ва амалий ёрдам кўрсатувчи ходим.
4. Тест синовларини адолатли ва холисона ўтказиш мазкур Низом талабларига қатъий риоя этган ҳолда олий таълим муассасаларининг қабул комиссиялари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, Давлат тест маркази вакиллари, бино раҳбарлари, гуруҳ назоратчилари томонидан таъминланади.
Мазкур Низомда белгиланган талабларга мувофиқ тест синовларини ўтказиш бўйича ташкилий ишлар маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва олий таълим муассасаларининг қабул комиссиялари томонидан таъминланади.
5. Тест синовлари ўтказиладиган кунда Давлат тест марказининг тегишли рухсатномасига эга бўлмаган шахсларнинг тест синовлари ўтказилиши белгиланган ҳудудга кириши тақиқланади.
6. Тест синовлари кундузги, махсус сиртқи ва кечки (сменали) таълим шакли учун ҳар йили 1 августдан 15 августгача бўлган муддатда, қоида тариқасида, кунига икки сменада ўтказилади. Биринчи смена соат 08:00 да, иккинчи смена соат 15:00 да бошланади.
Абитуриент тест синовлари бошланганидан сўнг бинога тегишли ҳудудга киритилмайди.
7. Абитуриент рухсатномасида кўрсатилган сана ва вақтда тест синовларида иштирок этади.
Абитуриент учун мазкур сана ва вақт қатъий ҳисобланиб, унга бошқа сана ва вақтда тест синовларида иштирок этиш учун рухсат берилмайди.
8. Тест топшириқлари умумий ўрта ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълимининг умумтаълим фанлари ўқув дастурларига мувофиқ тузилади.
9. Абитуриентлар танлаган таълим йўналишига қараб тегишли равишда бир, икки ёки учта фан мажмуаси бўйича тест синовини топширади.
10. Тест топшириқлари китобидаги мавжуд ҳар бир фан 30 тадан тест топшириғини ўз ичига олади.
11. Тест топшириқларини бажариш учун (жавоблар варақасини тўлдириш билан бирга) 30 та тест топшириғига 1 соат, 60 та тест топшириғига 2 соат, 90 та тест топшириғига 3 соат вақт белгиланади.
12. Абитуриентларнинг талабаликка тавсия этилгани ёки этилмагани тўғрисида белгиланган тартибда тасдиқланган тест синовлари натижалари тест синови ўтказилган куннинг эртасига Давлат тест марказининг расмий веб-сайтида эълон қилинади ҳамда олий таълим муассасаларига етказилади.
13. Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларининг бакалавриатига ўқишга қабул қилиш учун кириш тест синовларини ташкил этиш мазкур Низомга 1-иловада келтирилган схемага мувофиқ амалга оширилади.
 

Батафсил...